PARENTS

Тошкент Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) Лондондаги Вестминстер университети билан ҳамкорликда 2002 йил 16 январда ташкил этилган. ТХВУ Марказий Осиёдаги Буюк Британия малакалари бўйича ғарбий услубда таълим берадиган биринчи халқаро университетдир. Университет ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган кенг кўламли ўқув дастурларини таклиф этади ҳамда бу барча дастурлар ва йўналишлар Вестминстер Университети томонидан тасдиқланган. ТХВУ битирувчиларига диплом Лондон шаҳридаги Вестминстер Университети томонидан берилади. Таълим инглиз тилида олиб борилади.


УНИВЕРСИТЕТ ЙЎНАЛИШЛАРИ

Таълим инглиз тилида қуйидаги йўналишлар бўйича олиб борилади:

  • Университетгача таълим курси / Course in Pre-Foundation Studies (CPFS)
  • Умумтаълим босқичи (биринчи босқич) / Certificate of International Foundation Studies 

Бакалавр йўналишлари (иккинчи босқичдан бошланади):

  • Бизнес бошқаруви / BA Business Administration
  • Молия / BSc Finance
  • Иқтисодиëт ва молия / BSc Economics with finance
  • Тижорий ҳуқуқ / BA Commercial Law
  • Бизнесда ахборот тизимлари / BSc Business Information Systems

Магистратура йўналишлари:

  • Тижорат ҳуқуқи / LLM in International Commercial Law
  • Инсон ресурсларини бошқариш / MA in Human Resource Management and Talent Development 
  • Халқаро бизнес бошқаруви  / MA in International Business Management 
  • Бизнес таҳлили ва информатикаси / MSc in Business Intelligence and Analytics 
  • Амалий иқтисодиёт / MSc in Applied Economics (MSc AE)
  • Ижтимоий-тиббий соҳада / MSc in Public Health Science
  • Ўқитувчиларни малакасини ошириш махсус дастури / Pg Cert Teaching & Learning

Олий таълимдан кейинги таълим:

  • Фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) ва фан доктори (Doctor of Science) 

КИРИШ ШАРТЛАРИ

Умумтаълим босқичига  кириш учун Инглиз тили ва математика фанларидан кириш имтиҳони топширилади.

Математика имтиҳони

Математика имтиҳони ТХВУдa ўтказилади. Ўтиш бали 40%. Имтиҳонга рўйхатдан ўтиш жараёни оn-line тарзда амалга оширилади ва admission.wiut.uz электрон тизими орқали рўйҳатдан ўтилади. Савол намуналарини расмий вебсайт орқали юклаб олишингиз мумкин: Math Exam.

Инглиз тили имтиҳони

Инглиз тили - IELTS 5.5, writing 5.0 (ёки TOEFL) имтиҳони топширилади.

ТХВУ Карьера маркази

WIUT Alumni

ТХВУ Карьера маркази 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, ушбу марказ талабаларнинг ўқишдан бўш вақтларида, ёзги таътил кунларида ва Университетни тамомлагандан сўнг ишга жойлашишларига ёрдам беради. Шунингдек, талабаларнинг танлаган йўналишларида кўникмаларини ривожлантириш учун муҳим хизматларни тақдим этади. Марказ битирувчиларни иш билан таъминланиш даражасини оширишда муваффақиятга эришди – одатда 90% университет битирувчилари ўқишни тугатгандан кейин 6 ой давомида иш билан таъминланади. Бундан ташқари талабаларнинг аксарияти ўқиш давомидаёқ марказнинг саъй-ҳаракатлари ва ёрдами сабабли, Nestle, PWC, Lukoil, Anglesey Food ва General Motors каби дунёнинг етакчи компанияларининг амалиёт дастурларида фаол иштирок этмоқда.

Карьера маркази иш билан таъминлашнинг юқори кўрсаткичларини қуйидагилар орқали таъминлайди:

талабаларни ўзларини ва таълим йўналишларини баҳолашга ундаш, уларга касблари ҳақида аниқ тасаввурни шакллантиришга имкон беради

талабаларни келажакда иш билан таъминлаш мақсадида кадрлар бошқаруви ходимлари ва тажрибали ишбилармонлар томонидан профессионал тренинглар, машғулотлар ўтказади
келажакдаги ҳамкорлик учун барқарор шерикликни таъминлаш учун маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб боради
талабалар учун ишга жойлашиш имкониятларини максимал даражада ошириш мақсадида етакчи иш берувчиларни университетга суҳбатлар, семинарлар, маърузалар, шунингдек энг муҳим ва катта катта тадбир – Карьера кўргазмаларига таклиф қилади

Битирувчилар

WIUT AlumniТошкент Халқаро Вестминстер университети ташкил этилгандан бери (2002 йил) 4200 дан ортиқ талабалар университетнинг бакалавр ва магистратура курсларини тамомладилар. Битирувчиларимиз инвестиция, нефт ва газ, молия ва банк, бухгалтерия ҳисоботи ва аудит, халқаро ривожланиш лойиҳалари, озиқ-овқат саноати, таълим, савдо, ахборот технологиялари, давлат тизими, фармацевтика саноати, кўчмас мулк, оммавий ахборот воситалари ва реклама, логистика, менежмент, маркетинг ва юриспруденция, оғир саноат, тўқимачилик каби турли хил соҳаларда фаолият юритадилар.

ТХВУ битирувчилари Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг жаҳон миқёсидаги ташкилотларида ишлаб, мамлакатнинг турли соҳалари, хусусий ва халқаро ташкилотларнинг барқарор ривожланишига катта ҳисса қўшмоқдалар. ТХВУ нисбатан ёш университет бўлсада, юқори малакали битирувчилар ўзлари ишлаётган соҳаларда катта ютуқларни намойиш этмоқдалар, уларнинг аксарияти ўз соҳаларининг мутахассисларига айланишган.

Битирувчиларнинг муваффақиятлари университетнинг таълим тизимини бошқариш тўғри йўлга қўйилганлигидан далолат беради. Университет Ўзбекистонда халқаро профессионал таълимни ривожлантиришда ўз саъй-ҳаракатларини давом эттиради.

Талабалар ётоқхонаси

WIUT AlumniТошкент шаҳрида доимий яшаш жойига эга бўлмаган ТХВУ талабалари университет ётоқхоналаридан бирига жойлашишлари мумкин бўлади. Ҳозирда университетнинг икки нафар ётоқхонаси мавжуд бўлиб, улар таълим олиш ҳудудидан (оммавий транспортда борганда) 15 минут узоқликда жойлашган.

Университет турар жойларига талаб катта бўлганлиги учун ётоқхонага жойлашишда рақобат кучли бўлади. Шу муносабат билан яшаш жойини олдиндан тайин қилиш учун ётоқхонага иложи борича тезроқ онлайн рўйхатдан ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Шуни эътиборга олингки, университет ётоқхоналарининг бирида яшаш ТХВУ турар жойида туриш қоидаларига тўлиқ риоя қилиш шарти билан амалга оширилади. 

ТАЛАБА НЕЧА ЁШДАН ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?
  • Университетнинг умумтаълим  босқичига талаба 17 ёшдан қабул қилинади.
  • Университетнинг бакалавр йўналишига  талаба 18 ёшдан қабул қилинади.